Chortoq tuman xalq ta`lim bo`limi

Yangiliklar

ҚАДРЛИ УСТОЗ - МУАЛЛИМЛАР!

Йил якунида тарихдан ўрин олаётган йилни сарҳисоб қилиб, истиқболдаги устувор вазифаларни белгилаб олиш анъанага айланган. Остонада турган Янги йил арафасида шундай сарҳисоб они ва галдаги вазифаларни белгилаб олиш истиқбол эгалари камоли учун дахлдор бўлган соҳамиз вакиллари учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Байрам арафасида, аввало, барчангизни Янги йил билан самимий муборакбод этиб, барчангизга мустаҳкам соғлик, оилавий иқбол ва саодат, ёш авлод камолидек шарафли ва эзгу фаолиятда омад ва муваффақиятлар тилайман.

Ўз келажаги ва тараққиётини ўйлаган юрт борки, унда таълим-тарбия масаласи, ёш авлод ҳаёти ва камоли ғоят муҳим ва долзарб аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз раҳнамолиги ва ташаббускорлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар жараёнида мактаб таълимини ривожлантиришга, фарзандларимизни ҳар жиҳатдан етук, илм-маърифатли, юрт эртасига муносиб, илму салоҳиятли инсонлар қилиб камол топтиришга ҳар қачонгидан юксак эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатимизда мактаб таълимини ривожлантириш бўйича устувор сиёсат олиб борилмоқда. Жумладан, халқ таълими муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари қамрови йил сайин ортиб, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ўқитувчилар обрў-нуфузини ошириш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлар янги босқичга кўтарилмоқда.

Бу борадаги ислоҳотлар ва янгиланишлар самарасини вилоятимиз халқ таълими соҳаси ҳаёти ва фаолиятида ҳам яққол кўриш мумкин.

Ҳозирги кунда вилоят халқ таълими бошқармаси тизимида 727 та таълим муассасалари бўлиб, жумладан, 713 та мактаб (шундан, 6 та махсус мактаб-интернат, 2 та мактаб-интернат, 21 та Давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати), 13 та “Баркамол авлод” болалар мактаби, 1 та малака ошириш ҳудудий маркази фаолият олиб бормоқда.

Уларда 38 988 нафар ўқитувчилар ёш авлод камоли йўлида фаолият олиб бормоқда.

Бугун бизнинг зиммамизга эртанги кун бунёдкорларини замонавий билимларни чуқур ва мукаммал эгаллаган, ҳар жиҳатдан комил озод юрт равнақига камарбаста инсонлар сифатида камолот сари етаклаш вазифаси юклатилмоқда. Бу эса, соҳага илғор ва замонавий педагогик технологияларни татбиқ этиш, жаҳоннинг илғор ва ривожланган мамлакатлари тажрибасини ўрганган ҳолда фаолиятга жорий қилиш, дарс жараёнларини янгича, инновацион ёндашувлар билан ташкил этишни тақозо этади. Бинобарин, бугун Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида улкан имкониятлар мамлакати сифатида намоён бўлиб, юртимиз дунё таълим ва тараққиёт жараёнларига интеграциялашиб бормоқда. Таълим соҳаси вакилларининг дунёнинг турли давлатларида тажриба алмашуви кенг қамров касб этаётгани, юртимизда хорижий тажрибаларни оммалаштириш ва хорижий мутахассисларни жалб этиш долзарблик касб этаётгани ҳам шундан далолат.

Бу борадаги одимларга Наманган мисолида эътибор қаратадиган бўлсак, хорижий тажрибаларни оммалаштириш ва хорижий мутахассисларни жалб этиш борасида “ЗЎР” (“КЛАСС”) дастури бўйича Россия федерациясидан 20 нафар, “Fulbright” дастури бўйича Америка қўшма штатларидан 2 нафар ва ESN - English speaking nations дастури бўйича яна АҚШдан 1 нафар хорижлик мутахассис вилоятимиздаги умумтаълим муассасаларида фаолият олиб бормоқда.

“ЗЎР” (“КЛАСС”) лойиҳаси учун маҳаллий бюджетдан 270 млн.сўм маблағ ажратилган.

Чет тилларини ривожлантириш дунёга чиқишнинг муҳим омилидир. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Россия таълим вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган бу лойиҳа республикамиздаги умумий ўрта таълим мактабларида рус тили ва умумтаълим фанларини рус тилида ўқитишнинг сифатини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли.

АЗИЗ СОҲАМИЗ ВАКИЛЛАРИ!

Барча соҳалар фаолияти натижалар билан баҳоланганидек, таълим тизими одимлари сифат ва самарадорликка эришишда намоён бўлади.

Соҳамиз фаолияти таҳлилига назар ташлайдиган бўлсак, 2020/2021 ўқув йилида 11-синфни битирган 36 506 нафар ўқувчининг 9 905 нафари, яъни 27,1 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Эътиборлиси, 5 666 нафар битирувчи юртимиздаги давлат олий таълим муассасаларига қабул қилинган бўлса, 170 нафари Ўзбекистондаги Халқаро олий таълим муассасаларига, 4 069 нафари эса хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.

Ўтган ўқув йилида бу кўрсаткич 20,3 фоизни ташкил этганидан келиб чиқадиган бўлсак, 6,8 фоиз ўсишга эришилгани намоён бўлади.

Табиийки, шу ўринда эътирофга самарали ва салмоқли ҳисса қўшган маърифат даргоҳларини мамнуният билан тилга олиб, улардаги фидойи жамоага, устоз-муаллимларга миннатдорчилик билдириб ўтиш мақсадга мувофиқ. Мингбулоқ туманидаги 13-сонли давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати, Косонсой туманидаги 9-ДИМИ, Норин туманидаги 14-ДИМИ, Чортоқ туманидаги 5-ДИМИ, Янгиқўрғон туманидаги 10-ДИМИ, Чуст туманидаги 52-ДИУМ ёш авлодни илм-маърифат чўққилари сари етаклаб, фаолиятда ўрнак ва ибрат бўлаётган таълим даргоҳларидир.

Вилоятдаги умумтаълим мактабларида 1074 та компьютер синфи мавжуд бўлиб, улар 15314 дона компьютер билан жиҳозланган. Мазкур компьютерларнинг 4772 таси энг сўнгги русумда ва замонавий.

Таълимга ахборот технологиялари ва коммуникация воситаларини татбиқ этиш билан боғлиқ амалий саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда. 2020 йилда 105 та мактаб Корея давлатининг “Эксимбанк” лойиҳаси доирасида 1 802 та компьютер жиҳозлари билан таъминланган бўлса, 2022 йилда худди шу лойиҳа бўйича яна 67 та мактабга 1 120 та компьютер жиҳозларини келтириш режалаштирилган.

Шунингдек, янги 2022 йилда республика бюджети ҳисобидан 4,8 млрд. сўм, маҳалий бюджет ҳисобидан 5,9 млрд. сўм маблағ эвазига вилоятимиздаги 109 та умумтаълим мактабига янги компьютер жиҳозлари олиб берилиши режалаштирилган.


ҲУРМАТЛИ, СОҲАМИЗ ЗАҲМАТКАШЛАРИ!

Бугун ташаббуслар даври, янгиликка интилиш ваянгича ёндашувлар замони. Янгича, замонавий, илғор фикрлаш ва юксак интеллектуал салоҳият билангина муваффақиятларга эришиш мумкин. Бу эса, табиийки, илғор тажрибаларни ўрганиш, фикрлашиш ва маҳорат алмашинув деганидир.

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, имкониятлар яратиб берилмоқда. Вилоят ҳокимлигининг эътибори натижасида вилоят халқ таълими бошқармаси, ихтисослаштирилган таълим муассасалари ҳамда вилоят халқ таълими педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти раҳбар ва педагоглари, жами 45 нафар устоз-муаллимдан иборат вилоятимиз делегацияси Бухорода бўлиб, Қоракўл халқаро математика мактаби тажрибасини ўрганиб қайтдилар. Ушбу таълим муассасаси билан халқ таълими бошқармасининг алмашув меморандуми ҳамда вилоятдаги бир қатор таълим муассасалари (2-, 3-, 8-, 9-, 13-, 14-, 21-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари) билан ҳамкорлик шартномалари имзоланган бўлиб, бугунги кунда таълим соҳасида тажриба алмашиб бориш йўлга қўйилган. Вилоят ҳокими қарори асосида Наманган шаҳридаги 7-сонли умутаълим мактаби 2021 - 2022 ўқув йилидан бошлаб математика фанига ихтисослаштирилган мактабга айлантирилди.

Бугунги кунда Наманган туманидаги 23-сонли математика фанига ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби Қоракўл халқаро математика мактаби филиали сифатида фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, ташаббус кенг қамров касб этиб, Уйчи туманидаги 40-сонли математика-физика фанларига ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби вакиллари ҳам тажриба алмашиш мақсадида Қоракўл халқаро математика мактабида бўлиб, таълим жараёнлари билан яқиндан танишдилар.

АЗИЗ ҲАМКАСБЛАР!

Вилоятимизда аҳоли сонининг демографик ўсиши натижасида мактаблар сони, ўқувчи ўрни ҳамда мактабларда олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.

Мактабларнинг янги ўқув йилига тайёрлаш ҳамда уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 39,7 млрд. сўм маблағ ажратилган бўлиб, ушбу маблағ ҳисобидан 157 та мактабга янги замонавий хожатхона қурилиб, 410 та мактабда мавжуд хожатхоналар таъмирланди. 386 та мактаб йўлакларида асфальт босиш ишлари амалга оширилди. 69 та мактабда бетон йўлаклар барпо этилиб, брусчатка босилган. 567 та мактабда ички ва ташқи ёритиш тизимлари таъмирланди. 2021 йилда 3 960 ўқувчи ўрнига мўлжалланган Давлатобод, Наманган, Учқўрғон, Уйчи, Чортоқ, Янгиқўрғон туманларида 1 та, Янги Наманган туманида 2 тадан, жами 8 та мактаб янгидан қурилди. 94 та умумтаълим мактаби 17 млрд. 667, 2 млн. сўм маблағ ҳисобига жиҳозланди. Шундан, 39 та инвестиция дастури, 21 та “Обод қишлоқ” дастури, 24 та PISA тадқиқотлари ўтказиладиган мактаблар, 10 та ихтисослаштирилган мактабларга 23 турдаги мебель, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, мусиқа ва спорт жиҳозлари етказиб берилди.

Давлат инвестиция дастури, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари асосидаги бунёдкорликлар қамрови ҳам ортиб бормоқда. 2021 йилнинг ўзида инвестиция дастури асосида 38 та умумтаълим мактабида (жумладан, 8 та янги қурилиш, 23 та реконструкция ва 7 та мукаммал таъмирлаш) қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, ушбу мақсадлар учун жами 243,77 млрд. сўм маблағ сарфланди. Натижада, қўшимча 10343 ўқувчи ўрни яратилиб, мавжуд 11572 ўринли ўқув бинолари мукаммал таъмирланди ҳамда 11 та янги спорт зал (8 та янги қурилиш объектларида ва 3 та реконструкция объектларида) бинолари қурилди.

Ушбу йўналишдаги амалий саъй-ҳаракатлар кўлами 2022 йилда ҳам давом эттирилади. Янги йилда мазкур дастурлар асосида вилоятимизда 21 та умумтаълим объектлари барпо этилиши режалаштирилган. Уларнинг 6 таси янги қурилиш, 10 таси реконструкция ва 5 таси мукаммал таъмирдан иборат бўлиб, ушбу бунёдкорликлар учун 129,94 млрд. сўм маблағ сарф этилиши кўзда тутилган.

Вилоят ҳокимининг Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясидаги 2021 йил якунлари ва 2022 йилги устувор вазифаларга бағишланган мурожаатномасида ҳам таълим соҳасидаги бунёдкорликлар алоҳида ўз ифодасини топди. Унда қайд этилганидек, ҳудудларда мактабларни моддий-техник базасини ривожлантириш мақсадида келгуси йилда вилоятимизда 6 та янги мактаб қурилади, 15 та мактаб реконструкция қилиниб, капитал таъмирланади. Шунингдек, 115 та мактаб 1 840 дона замонавий компьютер техникалари билан таъминланади. Вилоятда 3 та математика ва физика, 4 та кимё ва биология, 3 та информатика фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилади.

Ёш авлодни соғлом ва баркамол, ҳар жиҳатдан етук камол топтириш ҳам эътибор марказида бўлиб, спорт зали мавжуд бўлмаган 22 та мактабда замонавий спорт зал барпо этилади.

Бугунги тараққиёт асри талаблари ва давр шиддати ўқувчи-ёшларга умумтаълим фанларини мукаммал ўргатиш баробарида уларда касб-ҳунар кўникмаларини шакллантириб боришни ҳам тақозо этмоқда.

Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва уларда ўзлари қизиққан маълум бир соҳа билан шуғулланиш иштиёқини шакллантириш долзарб аҳамият касб этмоқда. 2021-2022 ўқув йилидан бу борада Наманган тажрибаси асосида умумтаълим мактабларининг 9-, 11-синф ўқувчиларини асосий таълим жараёнларидан бўш бўлган вақтларида касб-ҳунарга ўқитиш ишларини ташкил қилиш мақсадида вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда Наманган шаҳридаги “Ишга марҳамат” Мономаркази ўртасида “Ҳамкорлик Меморандуми” имзоланди. Ушбу меморандумга асосан Наманган шаҳри, Давлатобод, Янги Наманган тумани, Тўрақўрғон ва Наманган туманларидаги умумтаълим мактабларида таълим олаётган 10 мингдан зиёд ўқувчи мономарказдаги 26 турдаги касб-ҳунар бўйича жараёнларга қамраб олинади. Бу билан келажагимиз эгалари касб-кор сир-асрорларини мукаммал ўрганиш бўйича ўқиш имкониятларига эга бўладилар. Шунингдек, ушбу тажрибани туманларда ташкил этилган касб- ҳунарга ўқитиш марказлари, қисқа муддатли касб-ҳунарга, профессионал таълим муассасалари, хорижий тилларга ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш курсларида ҳам ташкил этилади. Шунинг натижасида вилоятдаги жами 102 109 нафар 9-, 10- ва 11-синф ўқувчиларининг 62 019 нафари, яъни 60 фоизи қамраб олиниб, 11-синфни тамомлагандан сўнг аттестат билан биргаликда касб-ҳунар сертификатига эга бўлишларига эришилади.

ҲУРМАТЛИ ҲАМКАСБЛАР!

2022 – 2026 йиллар мобайнида вилоятимизда 40 та янги умумтаълим мактаби барпо этилади. 264 та мактаб реконструкция қилиниб, 210 таси мукаммал таъмирдан чиқарилади. 2022 йилда 730 та мактаб 438 минг ўқувчи ўрнига эга бўлса, 2026 йилда бу рақам 757 та мактабда 510 минг ўқувчи ўрнини ташкил этиши кутилмоқда. 19 та 3 800 ўринли хусусий мактаб очиш режалаштирилган. Вилоятдаги умумтаълим мактабларида 524 минг нафарўқувчи бўлса, 2026 йилга келиб, улар сони 631 минг нафарга етишикутилмоқда. 2022 – 2026 йилларда вилоятимизда математика ва физика фанларига ихтисослаштирилган 18 та, кимё ва биологияга ихтисослаштирилган 15 та, информатика фанига ихтисослаштирилган 18 та, чет тилларига ихтисослаштирилган 8 та мактаб ташкил этиш режалаштирилган.

Фарзандларимизга замонавий билимларни чуқур ўргатиш, умумтаълим фанларини мукаммал ўқитишга эътибор қаратган ҳолда битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига қамрови энг муҳим масала сифатида кун тартибида туради. 2022 йилнинг ўзида битирувчиларнинг 35,1 фоизини ёки 11 598 нафарини олий таълим муассасаларига қамраб олинишига эришиш борасида иш олиб борамиз. Спорт соҳасида вилоятимиз ўқувчилари жаҳон миқёсидаги мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб, 2020 - 2021 ўқув йилида жами 266 та совринли ўринларни қўлга киритдилар. Бошқача айтганда, вилоятимиз ўқувчи - ёшлари биргина халқаро миқёсдаги мусобақалардаги натижалар билан 56 та олтин, 78 та кумуш, 132 та бронза медаллари соҳибига айландилар. Янгиланишлар йўлидан дадил одимлаб бораётган озод диёримиз байрам тароватига тўлган шундай қувончли кезларда бу каби зафарлар ҳақида сўз юритиш мамнуният бағишлайди.

ҚАДРЛИ ҲАМКАСБЛАР, АЗИЗ СОҲАМИЗ ФИДОЙИЛАРИ, ҲАЁТИ ВА ФАОЛИЯТИНИ ЁШ АВЛОД КАМОЛИ БИЛАН БОҒЛАГАН ШАРАФЛИ КАСБ ЭГАЛАРИ!

Сўзим якунида барчангизни яна бир бор Янги йил байрами билан муборакбод этиб, 2022 йил барчамиз учун ютуқ ва муваффақиятлар, зафарлар йили бўлишини тилайман. Барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, эл-юрт равнақи, ёш авлод камоли йўлидаги фаолиятда шижоат ёр бўлсин!

08:29

13-14 dekabr kunlari Chortoq tuman xalq ta'limi bo'limiga qarashli umumta'lim maktablarida "Farzandimga kitob sovg'a qilaman" shiori ostida kitob yarmarkalari bo'lib o'tdi.

12:20

Chortoq tuman xalq ta'limiga qarashli maktablarning informatika fani o'qituvchilariga uzbekcoders va code.org platformalari bo'yicha zoom orqali o'quv tashkil etildi. Scratch va C++ dasturlariga o'qiyapgan o'qituvchilar o'quv joyidan ishtirok etishdi.

12:18

Xurmatli, yuridik shaxslar, yuridik shaxslarning alohida bo`linmalari DIQQATIGA!

(mikrofirma va kichik korxonalar, xususiy uy-joy mulkdorlari shirkatlari, jamoat birlashmalari, ijtimoiy fondlar, nodavlat muassasalar, fuqarolarning o`zini o`zi boshqarish organlaridan tashqari).

Yuridik shaxslar, yuridik shaxslarning alohida bo`linmalari
“2021 yil uchun” 1-nh shakli (yilda bir marta), hisoblangan ish haqi miqdori bo`yicha xodimlar sonining taqsimlanishi to`g`risida 2021 yil noyabr oyi hisoboti to`g`risidagi Davlat statistika hisobotini 2021-yil 15 dekabr sanasidan kechiktirmay taqdim etishingiz so`raladi.

Hisobotlarning o`z muddatida taqdim etmagan yoki xatolik bilan taqdim etgan maktab direktoriga yoki mas`ul xodimga nisbatan O`zbekiston Respublikasi Ma`muriy javobarlik to`g`risidagi kodeksining 215-moddasi birinchiqismdagi huquqbuzarlik uchun ma`muriy ish qo`zg`atilishi
(
eng kam ish haqining 7 baravaridan 10 baravarigacha miqdorda jarima solishga sabab bo`ladi) to`g`risida OGOHLANTIRAMIZ.

CHortoqtumani statistika bo`limi.

Хурматли, Тумандаги барча умумий ўрта таълим мактаб директорлари ДИҚҚАТИГА!

2021 йил якунлари бўйича ҳар қандай турдаги Давлат статистика ҳисоботини корхона, ташкилот ва муассасалар (респондент) e-Stat4.0 тизимидаги шахсий кабинетига www.hisobot.stat.uz веб платформа орқали фирманинг электрон рақамли имзоси (ЭРИ)дан шартли равишда фойдаланган ҳолда тақдим этиши шартлигини ёҳуд ЭРИси мавжуд бўлмаган, унинг амал қилиш муддати ўтиб кетган ёки муддати тугаётган бўлса (8-10-28-40-54 умумий ўрта таълим мактаблари ва бошқалар), уни ўз вақтида аниклаб, олдиндан янгилаш чораларини кўриш ҳамда ҳисоботларни муддатида тақдим этиш сўралади.

Агарда Сиз раҳбарлик қилаётган муассаса томонидан 2021-йил учун ҳар қандай турдаги ҳисоботларни Давлат статистика ҳисоботи белгиланган муддатда тақдим этилмаса, «Давлат статистикаси тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 215, 267, 294 ва 36-моддаларига ёки 32-моддаси асосида “Маъмурий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат” деб баҳоланиб, асосанбелгиланган маъмурий жавобгарликка тортилишини эслатиб ўтамиз!

(Эслатма: Жорий йилнинг 16 декабрь ойидан кечиктирмай 1-nh shakli
(йилда бир марта)
ҳисобланган иш ҳақи миқдори бўйича ходимлар сонининг тақсимланиши тўғрисида 2021 йил ноябрь ойи ҳисоботини тақдим этишингиз шарт).

ЧОРТОҚ ТУМАН СТАТИСТИКА БЎЛИМИ.

13:03

Халқ таълими вазири ҳудудий халқ таълими бошқармалари раҳбарлари билан ҳудудларда мавжуд муаммоларни таҳлил қилди

Давра суҳбати шаклида ўтган мазкур учрашувда тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, уларни ҳал этиш йўллари таҳлил қилинди.

“Вазифага киришганимдан бери 3 та ҳудудда бўлдим, аҳвол қониқарли эмас. Сизлар керак бўлса ҳудудингиздаги ҳар бир мактабни билишингиз лозим. У ерда мавжуд муаммолар, уларни ҳал этиш йўллари сизда бўлиши керак. Фаолиятингизни ўрганиб, менда юзага келган биринчи савол нега ҳамма вилоятда кўрсаткич ҳар хил? Фаолиятингизни таққослаб бир-бирингиз билан рақобат қилинг, рақобат бўлган жойда албатта тараққиёт бўлади. Ўзгаришни ўзингиздан бошланг. Ҳудудингизда мавжуд педагогика Олий таълим муассасалари битирувчилари билан учрашувлар ташкил қилинг, яхши педагогларни излаб топинг, профессионал ўз ишини яхши биладиган педагогларингиз иштирокида бошқа ўқитувчиларингизга маҳорат дарсларини ташкил қилинг”, — дея таъкидлади вазир.

12:57

Chortoq tumanidagi 11-sonli ingliz tiliga faniga ixtisoslashtirilgan maktabda tashkil etilgan Yosh tilshunos nomli to'garak jarayonidan fotolavha